Қайд этилишича, кучли туман туфайли кўриш масофаси 50 метргача пасайган. Натижада “Урал” авиакомпаниясининг Қозондан парвоз қилган SVR2161 рейси соат 08:48 да Наманганга қўна олмай, Тошкентдаги захира аэродромига йўналтирилган.
Яна бир — HY9620 рейси ҳам ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Наманганга қўна олмаган ва Фарғонадаги захира аэродромга жўнаб кетган.
Андижон аэропортида ҳам худди шундай ҳолат кузатилган. “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг Москвадан учган HY-622/621 рейси соат 10:45 да белгиланган аэропортга қўна олмай, Фарғонадаги захира аэродромга жўнатилган.
“Метеорология хизмати прогнозларига кўра, ушбу аэропортлар об-ҳаво шароити туфайли тахминан соат 14:00 гача ёпилади. Режалаштирилган барча рейслар энг яқин захира аэродромларга йўналтирилади”, дейилади компания хабарида.