DataLife Engine / Ўзбекистондаги илк Экошаҳар қурилиши бошланди

Ўзбекистондаги илк Экошаҳар қурилиши бошланди

Фарғонада «Янги Ўзбекистон» массивлари туркумига кирувчи Ўзбекистондаги биринчи экошаҳар қурилиши бошланди, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

27 январь куни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, сектор раҳбарлари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда массивга тамал тоши қўйилган. Унда Қуръон тиловат қилиниб, қурилиш ишларига старт берилган. Дастлабки бино пойдеворига мактуб солинган капсула жойлаштирилган.

«Биринчи босқичда 80 та кўп қаватли уйларни бунёд этишни режалаштиряпмиз. Икки йилда экошаҳарнинг қурилишини якунламоқчимиз. Бу ердаги ҳар бир ишнинг ўз эгаси бор. Тасаввур қилинг икки йилда мана шу 300 гектарлик дашт майдон ўрнида кўп қаватли уй-жойлар, „Янги Ўзбекистон“ боғи, мактаб, поликлиника, қўйингки, барча инфратузилмага эга шаҳарча пайдо бўлади», — деди вилоят ҳокими.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, президент топшириғи билан Жанубий Корея тажрибаси асосида ушбу шаҳарчанинг лойиҳаси ишлаб чиқилган. «7, 9, 12, 25-қаватли уйларнинг нархини аҳолига мақбул келадиган қилиб белгилаяпмиз. Шунингдек, бу ерда барча инфратузилма яратилади», — дея таъкидлади у.

Йўлдош шаҳарча вилоят марказида 300 гектар майдонда 40 минг аҳолига мўлжалланган. Ҳозирга қадар ундаги «Янги Ўзбекистон» боғининг қарийб 40 гектар майдонига манзарали дарахтлар экилган.
28-01-2022, 17:32
Вернуться назад