Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати Расул Кушербаев фуқароларга мурожаат билан чиқди.
Ушбу мурожаатда “UzAuto Motors” АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган автомобилларни етказиб беришда шартнома шартлари бўйича олдиндан тўлов миқдорини пасайтиришга доир таклифлар ишлаб чиқилаётганлиги ва мазкур таклифлар тез орада жамланиб, Ҳукуматга киритилиши кўзда тутилаётганлиги айтилган.
“Шу муносабат билан Сиздан, мумкин бўлса, 2005-2011 йилларда “UzAuto Motors" ("GM Uzbekistan" АЖ) томонидан енгил автомобиль етказиб бериш бўйича шартнома тузганлар бўлса, ўша шартнома нусхаларини "@Kusherbayevga_murojaatbot" бот манзилига юборишда ёрдам кўрсатишингизни сўраб қоламиз. Маълумотлардан фуқаронинг шахси эгасизлантирилган ҳолда таклифларни асослашда фойдаланилади”, – дейилган мурожаатда.
Шунингдек, у монополияни жиловлаш қийин бўлган бир вазиятда эзгу мақсад йўлида кўрсатаётган ҳамкорлиги учун фуқароларга олдиндан ўз миннатдорчилигини изҳор қилган.