2022 йил 6 февраль куни, Норин туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган фуқаро ариза билан мурожаат қилган. Бу ҳақда ИИВ хабар бермоқда.
ИИВнинг таъкидлашича куни соат 20:00 ларда, ишонч қоғози билан бошқарувида бўлган ВАЗ-2106 русумли автомашинасини Норин туманида йўлнинг чап томонига тўхтаб, эшикларини очиқ ҳолда қаровсиз қолдириб, савдо дўконига кириб кетиб, қайтиб чиқиб қараган вақтида, автомашина жойида йўқлигини кўриб, номаълум шахс автомашинасини олиб қочиб кетганлигини маълум қилиб, чора кўришни сўраган.
ИИВнинг олиб борилган тезкор-қидирув ва суриштирув ҳаракатлари натижасида, автомашина воқеа жойидан техник соз ҳолатда олди қисми Ҳаққулобод йўналишига қараган ҳолда топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида, ушбу жиноятни, 1995 йилда туғилган маҳалладоши эгасининг рухсатисиз, ҳазиллашмоқчи бўлиб, автомашинани бошқарганлиги аниқланган.
Хабарда келтирилишича ушбу ҳолат бўйича Норин туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан 2021 йил 7 февраль куни Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.