Шавкат Мирзиёев 11 февраль куни амалий ташриф билан мамлакатда бўлиб турган Қозоғистон бош вазири Алихан Смаиловни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жараён давомида Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган. Учрашув аввалида бош вазир Алихан Смаилов давлат раҳбарига Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг саломи ва тилакларини етказган.
«Ўтган йил декабрь ойидаги саммитда Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари эришган келишувларнинг амалга оширилишини таъминлаш борасида икки мамлакат ҳукуматлари томонидан қабул қилинаётган чоралар кўриб чиқилди», дейилади хабарда.
Қайд этилишича, товар айирбошлаш ҳажмини орттириш ва унинг кўрсаткичи мувозанатли бўлишига эришиш учун қулай шарт-шароит яратиш, янги саноат кооперацияси ва логистика марказлари ташкил этишни жадаллаштириш, сув, энергетика ва транспорт-коммуникация соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудлараро мулоқот ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.