Гипсдан қуйма маҳсулотлар - турли ўлчамдаги жимжимадор гулдонлар, гўзал кўза ва вазалар, ёзувли сувенирлар ишлаб чиқараётган ҳунарманд Зоҳиджон Ҳакимов бу орқали беш нафар оила аъзолари ва олти нафар қўшнисини иш билан таъминлаган.
- Ўзим жисмоний тарбия ўқитувчисиман. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаганимизга бир ярим йил бўлди. Ўғлимни Наманганга шогирдга бергандим. Икки йил ўрганди. Бу ҳунар сирларини астойдил ўрганди. Барча дастгоҳ-ускуналарни олиб бердим. Кейин ўзим ҳам қизиқиб қолдим. Ҳозирда бир ойда ўртача 20 миллион сўм даромад топамиз. Ўтган йили Россияга кўп маҳсулот чиқардик. Ҳамкорларимизнинг таъкидлашларича гулдонларимизни катта партияда норвегияликлар харид қилишибди. Бу бизга янги қувват, шижоат ато этди. Агар ишга меҳр берсангиз. Албатта муваффақиятга эришасиз. Бунга ўз мисолимизда амин бўлдик, - дейди тадбиркор.
Айни пайтда оилавий корхона тоионидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Украинада харидоргир.
- Ҳунар ортидан тўй қилди, уй қилди, машина олди. 43-мактабдаги бўш бинони маҳалла ва мактаб билан кенгашиб, етакчи тадбиркоримизга беришга қарор қилдик. Уста-шогирд мактаби бўлади. Яна ўн бешта маҳалладош иш билан таъминланади, - дейди Юқори Чўжа маҳалласи раиси Абдулҳамид Валихонов.