Тошкент вилоятида коронавирусга қарши эмланмаган фуқароларга қонунчиликда белгиланган талабларга амал қилмагани учун қонуний чора кўрилди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Тошкент вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари вилоятда 1863 та текшириш тадбирини ташкил этишган. Жараён давомида эса 6526 нафар фуқаро вакцина олмагани аниқланган.
Қайд этилишича, вакцина олмаганлардан 1402 нафари тадбиркорлик субъектлари ва 5035 нафари бюджет ташкилотларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқаролар бўлган.
“Бундай ҳолатлар Тошкент вилоятида 3608 тани ташкил этади. Булар орасида 3229 нафар ходим вақтинча ишдан четлаштирилди, 374 нафари тегишли тартибда жаримага тортилди, 5 та объект фаолияти тўхтатилди”, - дейилади хабарда.