«Ўргатувчи» белгиси қўйилган енгил машинада автомотоҳаваскорларга ҳайдовчилик бўйича амалий машғулот ўтказаётган бу аёлни Наманган вилоятининг Норин тумани йўлларида деярли ҳар кун учратасиз. У «Ватанпарвар» ташкилотининг тумандаги ўқув спорт-техника клуби тажрибали уста ўргатувчиси Муқаддамхон Султоновадир. Тизимга илк бор кириб келган аёллардан бўлган маҳоратли мутахассис ўз касбининг фидойиси.
— Илгари автомобиль ҳайдаш фақат эркакларнинг иши дея ҳисобланган бўлса, эндиликда аёлларнинг рулни чапдастлик билан бошқаришига ҳам кўзимиз ўрганиб қолди, — дейди М. Султонова. — Ўз навбатида автомактаблардаги аёл ўргатувчилар сафи ҳам кенгайиб бормоқда. Айни пайтда вилоятимизда улар сони 6 нафарга етган.
Маҳоратли ўргатувчи устанинг меҳнатлари маҳсули ундан пухта сабоқ олиб, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиб ҳаракатланаётган минглаб интизомли ҳайдовчилар тимсолида яққол кўзга ташланади. Халқаро хотин-қизлар куни арафасида кўплаб устозлар қатори Муқаддамхон Султоновага ҳам шогирдлари байрам билан қутлаб гулдасталар тутишди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».