“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–759-сон, 14.03.2022 й.) Президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Қонун билан биометрик паспорт ўрнига ID-карталари жорий этилаётганлиги сабабли айрим Кодекслар ва қонунларга ID-карта тушунчаси киритилди.
Шунингдек, ID-карталарни, хорижга чиқиш биометрик паспортини йўқотганлик, уларни яроқсиз ҳолга келтирганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Оила кодексида болаларнинг туғилишини қайд этиш ота-онасининг доимий яшаш ёки вақтинча турган жойидан қатъи назар фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида 1 ой ичида амалга оширилиши белгиланди.
Шахсни тасдиқловчи ҳужжатларга никоҳ қайд этилганлиги тўғрисида белги қўйилишига оид норма чиқариб ташланди.
️Ер давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда фуқароларга унинг ўрнига берилаётган уй-жой аввалги уй-жойидан қимматроқ бўлса, фарқ қилган қиймат фуқаролар томонидан қайтариб берилмайди.
Илгари 5 йилда қайтарилиши лозим эди.
Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган шахсга, шунингдек унга ҳамроҳлик қилувчи шахсга хорижий давлатда ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатилганда ёки жарроҳлик амалиёти ўтказилганда хорижга чиқиш учун биометрик паспортини берганлик учун давлат божи ундирилмайди.
️ ID-карта берганлик учун БҲМнинг 89 фоизи миқдорида бож ундирилади, хорижга чиқиш учун биометрик паспортни берганлик учун эса БҲМнинг 1 баравари миқдорида ундирилади (илгари БҲМнинг 1,2 баравари эди).