Ижтимоий тармоқларда Lacetti бир эркакни судраб кетгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси маълумот берди.
Қайд этилишича, ҳодиса жорий йилнинг 8 март куни соат 08:00 ларда Қамаши туманида содир бўлган.
Lacetti русумли автомобиль ҳайдовчиси Х.А. Қамаши деҳқон бозори ёнидан ўтган кўчадан “Ҳунарманд” савдо мажмуаси томон ҳаракатланиб кетаётган вақтда йўл четида тўхтаб турган Damas’га урилган.
Шундан сўнг, Damas ҳайдовчиси Ҳ.С. Lacetti ҳайдовчиси Х.А.га нима сабабдан машинасига келиб урилгани сабабини сўраб, баҳслашиб кетган. Ўзаро тортишувдан сўнг, Damas ҳайдовчиси Ҳ.С. Х.А. бошқарувидаги Lacetti’нинг эшигини ёпганда, эгнидаги чопони машинанинг эшигига кириб қолган.
Бундан бехабар ҳайдовчи Х.А. Lacetti’ни юргизиб кетиб, бироз масофагача Ҳ.С.ни чопони билан тортиб кетган. Бунинг оқибатида Х.А. машинани тўхтатишга шошган ҳолда йўлнинг ўнг томонидан ҳаракатланиб келаётган иккита Damas’ни орқа ва ён томонларига урилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳайдовчи Х.А.нинг ҳаракатларида МЖтКнинг 128-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари кўринганлиги сабабли маъмурий тартибда чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар туман ИИБ ЙҲХБга юборилган.