Америкалик киноактёр, давлат ва сиёсат арбоби Арнольд Шварценеггер Украинадаги уруш ҳақидаги ҳақиқатни айтиш учун русларга мурожаат қилди. У 17 март куни «Россия халқига хабар» сарлавҳали видеомурожаатни эълон қилди.
«Россия халқининг кучи ва юраги мени доим илҳомлантирган. Шунинг учун ҳам сизга Украинадаги уруш ва у ерда бўлаётган воқеалар ҳақида ҳақиқатни айтиб беришга рухсат берасиз деган умиддаман. Ҳеч ким уларнинг ҳукумати ҳақида қандайдир танқид эшитишни ёқтирмайди... Мен ҳаммасини тушунаман.Аммо, рус халқининг азалий дўсти сифатида сизга айтаётган гапларимни эшитасиз деган умиддаман”, деди Шварценеггер.
Унинг сўзларига кўра, шундай пайтлар бўладики, жим туролмайсиз.
"Ҳукуматингиз сизга бу Украинани денасификация қилиш учун уруш деб айтаётганини биламан. Украинани денасификация қилишми? Бу тўғри эмас. Украина асли яҳудий бўлган, отаси, бундан ташқари, учта ака-укаси фашистлар томонидан ўлдирилган президенти бор давлатдир...", деди Голливуд юлдузи.
Унинг таъкидлашича, Украина бу урушни бошламаган. Бу Кремлда бошланди.
«Ўтган ҳафта БМТнинг 141 та давлати Россияни тажовузкор деб тан олиш учун овоз берди ва Россия қўшинларини зудлик билан олиб чиқиб кетишга чақирди... Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари туфайли дунё Россиядан юз ўгирди», — деди актёр.
Унинг сўзларига кўра, Россия ҳукумати ўз фуқароларига бу урушнинг мамлакат учун оқибатлари ҳақида айтмайди, минглаб ҳалок бўлган рус аскарлари ҳақида хабар бермайди.
"Мен рус халқи ва Украинадаги рус аскарларини буларнинг барчаси ташвиқот ва дезинформация эканлигини тушунишга чақираман... Ва мен президент Путинга айтаман: бу урушни сиз бошлагансиз, бу урушни олиб бораяпсиз, бу урушни тўхтата оласиз", деди Шварценеггер.