DataLife Engine / ДХА: «Права» алмаштириш вақтинча тўхтатилади, чунки...

ДХА: «Права» алмаштириш вақтинча тўхтатилади, чунки...

Ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш хизмати техник-профилактик тадбирлар ўтказилиши муносабати билан 19 мартдан – 2 апрель кунигача вақтинча кўрсатилмайди, деб хабар бермоқда Давлат хизматлари агентлиги.

Қайд этилишича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ҳар бир гувоҳнома алмаштириш пунктига кунига 55-60 нафардан фуқаро мурожаат қилганда – тўлиқ қамров учун ўртача 4 йил вақт сарф қилиниши режалаштирилган эди. Ҳозирда эса, бир кунда 500-600 нафар фуқаро мурожаат қилмоқда.

Республика бўйича эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган ҳайдовчилар сони – қарийб 5,7 млн. нафарни ташкил этади. Шунга кўра, эски ҳайдовчилик гувоҳномаларини мажбурий алмаштириш муддатлари Ҳукумат томонидан 2 маротаба (дастлаб, 2020 йилдан – 2021 йилнинг охирига қадар, кейинчалик 2021 йилдан – 2022 йилнинг сўнгига қадар) узайтирилган.

Бугунги кунга қадар 2,6 млн.дан ортиқ ҳайдовчиларинг гувоҳномалари янгисига алмаштирилган, 3,1 млн.дан ортиқ кишиники эса ҳали ҳужжатлари алмаштирилмаган.

Муаммони бартараф этиш учун масъуллар янги чоралар кўришаётгани айтилмоқда. Унга кўра:

Биринчидан, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришнинг охирги муддатларини мутаносиб тарзда – 2023 йилнинг 31 декабрига қадар ўзайтириш бўйича чора-тадбирлар белгиланмоқда;

Иккинчидан, ҳайдовчилик гувоҳномалари алмаштирилмаган фуқаролар сонидан келиб чиқиб, ташриф буюрувчиларнинг тахминий сони ва асосли талабини инобатга олиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш пунктларини камида икки баробарга кўпайтириш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, ИИВ маълумотига кўра, 2022 йилнинг 1 апрелидан бошлаб ҳақиқий эмас деб топиладиган ҳайдовчилик гувоҳномалари бўйича, истисно тариқасида тегишли таъсир чоралари қўлланилмаслиги айтилади.
18-03-2022, 11:11
Вернуться назад