Ўзбекистон расмийлари Ҳаж ва Умра сафарларини ҳал этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетди. Бу ҳақда Мусулмонлар идораси маълум қилди.
Бугун, 1 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистонига учиб кетди.
Сафар давомида Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Транспорт бошқармаси, хизмат кўрсатувчи ширкатлар, банклар раҳбарлари ҳамда Маккаи мукаррама амири билан улуғ ибодатларни адо этиш юзасидан муҳим келишувлар амалга оширилади.
«Айни кунларда юртимиз мўмин-мусулмонлари катта интиқлик билан умра мавсумининг бошланишини кутишмоқда. Умид қиламизки, тез орада мавжуд эҳтиёт чоралари ҳам юмшаб, юртимиз мусулмонлари яна эмин-эркин умра ибодатларини адо этиш саодатига эришадилар», дейиади хабарда.
Ўтган икки йил давомида пандемия туфайли бутун дунё мўмин-мусулмонларига Ҳаж ва Умра амалларини адо этиш тўхтатиб қўйилганди. Сўнгги вақтларда Саудия Арабистони ва Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланаётгани, кунлик касалланиш даражаси камаяётгани, вакцина олган аҳоли миқдори ошиб бораётгани ва чекловлар юмшатилаётгани янги муборак сафарларга йўл очиши мумкин.