Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри устоз санъаткори, Ўзбекистон халқ артисти Марям Ихтиёрова 82 ёшда вафот этди. 1939 йилнинг 21 апрель санасида Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида таваллуд топган устоз санъаткор 1957 йилда актриса бўлиш орзусида Тошкентга келган. Театр ва рассомчилик санъати олийгоҳида таҳсил олган.
Марям Ихтиёрова ўз фаолиятини 1959 йилда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида бошлаган. Устоз санъаткор ўзининг узоқ йиллик фаолияти давомида кўплаб спектакль ва филмларда иштирок этган. Шунингдек турли радиоэшиттиришлар ва хажвий телекўрсатувларда ҳам мунтазам қатнашган. Кўп йиллик фаолияти давомида «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 1997 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» каби унвонлар ҳамда 2016 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
Norinliklar.Uz Марям Ихтиёрованинг вафоти муносабати билан оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.