DataLife Engine / Самарқандда йигит ўзига турмушга чиқишни истамаган қизни калтаклади

Самарқандда йигит ўзига турмушга чиқишни истамаган қизни калтаклади

Самарқанд шаҳрида 21 ёшли қиз хонадони олдида ўзининг таниши томонидан калтакланди, деб хабар беради Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, 21 март куни Самарқанд шаҳрида У.Т. исмли қиз (2000 йилда туғилган) Бағдод кўчасидаги хонадони олдида таниши Х.И. исмли 21 яшар йигит томонидан калтакланган. Воқеа жойида йигитнинг ўртоғи ҳам бўлгани айтилмоқда.

Олинган тан жароҳатлари натижасида қизнинг шифохонага ётқизилгани ҳақида унинг онаси «Эзгулик» жамиятига маълум қилган ва зўравон йигитга нисбатан қонуний чора кўришда амалий ёрдам сўраган.

Онанинг таъкидлашича, зўравон йигит қизга уйланиш мақсадида бир неча йилдан бери ҳаракат қилиб келган, аммо йигитнинг тарбияси ва юриш-туриши сабаб бу иш амалга ошмаган.

«Эзгулик» жамияти томонидан олиб борилган ўрганиш жараёнида зўравон йигит Олий Мажлис Сенати аъзоси, Самарқанд давлат университети ректорининг яқин қариндоши — жияни экани аниқланган.

Самарқанд вилояти ИИБ матбуот котиби ҳолатга муносабат билдириб, ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди. Таъкидланишича, ҳозирда жабрланган қизга ҳимоя ордери берилган.

«Ҳолат вилоят ИИБ назоратига олинган бўлиб, ҳозирда Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади муносабатда.
23-03-2022, 23:58
Вернуться назад