Тошлоқ маҳалласидаги "Баҳор" мажмуасида сектор раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги масалаларига масъул мутасаддилар, фермерлар, механизаторлар, кўпни кўрган тажрибали деҳқонлар иштирокида 2022 йил ҳосили учун чигит экишни ташкил этиш бўйича тадбир ташкил этилди.
Унда вилоят ҳокими ўринбосари Анваржон Ҳакимов иштирок этиб, қилиниши лозим бўлган долзарб юмушларга эътиборни қаратди. Эрта баҳорда республиканинг барча ҳудудларида сурункали ёғингарчилик ойлик меъёрдан 3-4 баробар юқори бўлди.
Бундай пайтларда кластер ва фермерлар чигит экиш ишларига ўта масъулият билан ёндошишлари, омилкорлик билан иш тутишлари, олим ҳамда мутахассисларнинг тавсиялари ҳамда илғор тажрибаларга таянган ҳолда иш ташкил этишлари лозим. Яъни, чигит экиладиган майдонларда биринчи навбатда тупроқнинг етилиши ва далага кириш имкони бўлиши билан зудликда ер тайёрлаш ва экиш ишларига киришиш лозим.
Муттасил ёмғирдан сўнг тупроқнинг юза қатлами янада кўпроқ зичлашиб, кун исиши билан бундай тупроқда нам тез қочади.
Тадбир иштирокчилари бир пиёла чой устида амалга ошириш керак бўлган ишларни режалаштириб олдилар.
Ушбу тадбирларда асосан сувчи ва механизаторлар меҳнати зарур. Шу боис тадбирда уларга аванс тариқасида ун, ёғ маҳсулотлари ва пул тарқатилди.