Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати милодий 2022 (ҳижрий 1443) йилги закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдорини эълон қилди.
«Закотнинг тиллодан нисоби 85 грамм бўлиб, бугунги кунда 1 грамм тиллонинг ўртача нархи 400 000 (тўрт юз минг) сўм экани эътиборидан, бу йилги закот нисоби 34 000 000 (ўттиз тўрт миллион) сўм деб белгиланди», - дейилади Мусулмонлар идораси раиси томонидан имзоланган қарорда.
Шунга кўра, зарур эҳтиёждан ташқари бир йил давомида 34 миллион сўм ва ундан ортиқ маблағга ёки ушбу қийматдаги савдо-тижорат молига эга бўлган мусулмон киши жами маблағининг қирқдан бири (1/40)ни ҳисоблаб, уни закот ниятида камбағал ва фақирларга беради.
Шунингдек, Фитр садақаси миқдори
буғдойдан 2 кг — 10 000 (ўн минг) сўм;
арпадан 4 кг — 16 000 (ўн олти минг) сўм;
майиздан 2 кг — 100 000 (юз минг) сўм;
хурмодан 4 кг — 160 000 (бир юз олтмиш минг) сўм деб белгиланди.
Ҳар ким ўз имкониятига қараб, ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя қилади.
Фидя миқдори эса «Бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб», ўртача кунлик қиймати 25 минг сўм, бир ойлик миқдори эса 750 минг сўм этиб белгиланди.
Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг маълум қилишича, мазкур қийматлар Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланди. Ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.