Мактабларда намунали ўқувчининг ота-онасига миннатдорчилик хати ва совғалар топшириб бориш тизимли йўлга қўйилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев таълим соҳасига бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Йиғилишда намунали ўқувчининг ота-онасига миннатдорчилик хати ва совғалар топшириб боришни тизимли йўлга қўйиш кераклиги, ҳар чоракда энг намунали ота-оналарни рағбатлантириб, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш муҳимлиги таъкидланди.
Вилоят ҳокимларига юқори коэффициентли 120 та мактабда ўқиш шароитини яхшилаш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш топширилди.
Улар 1 августга қадар 960 та мактабни компьютер синфи билан таъминлаш, 740 тасини жиҳозлаш ишларини якунлаши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Умуман, 5,5 мингта компьютер синфларини янгилаш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади.
Бунга республика бюджетидан 200 миллиард сўм, маҳаллий бюджетлардан ҳам 200 миллиард сўм йўналтирилади.
Шунингдек, мутасаддиларга мактаблар учун алоҳида имтиёзли тарифларни тасдиқлаш топширилди. Унга кўра, янги ўқув йилидан бошлаб кичик мактабларда интернет тезлигини секундига 40 Мегабит, катта мактабларда эса камида 100 Мегабит бўлиши таъминланади