Бугун, 22 декабрь куни халқ депутатлари Норин туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Сессия ишида туман кенгаши депутатлари, вилоят ва туман ҳокимининг ўринбосарлари, секторлар, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, маҳаллалар раислари, жамоатчилик фаоллари, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Сессияда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдуразаков иштирок этдиб, туманнинг собиқ ҳокими Дилмурод Кадиров Косонсой туманига ҳоким лавозимига тайинлангани муносабати билан туман ҳокимлигига янги раҳбар номзодини таништирди.
Норин туманида ишсизликка барҳам бериш, тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигига инновацияларни тадбиқ этиш, ижтимоий соҳага эътиборни кучайтириш зарурлиги ҳақида таъкидланди.
Шунингдек, сессияда туманнинг янги ҳокимини тайинлаш билан боғлиқ ташкилий масала кўрилди.
Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдуразаков томонидан тақдим этилган Жўрабек Хамидович Нурматов номзоди Норин туман депутатлари томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланди.
Бугунги кунга қадар Норин тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жўрабек Хамидович Нурматов туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Йўл харитасини туман Кенгашида тақдимот қилди.
Халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан Жўрабек Хамидович Нурматов туман ҳокими этиб тасдиқланди.