Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб илк бора фермер ва кластерларнинг ўзлари буғдойни биржа савдоларига бозор нархида чиқаради. Фермерлар ихтиёрида қоладиган буғдойдан 500 минг тоннаси дон корхоналарида вақтинча сақлаш учун қабул қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 11 май куни ўтаётган дон маҳсулотлари корхоналарида трансформация жараёнларининг натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари бўйича йиғилишда сўз очди.
Президентнинг сўзларига кўра, 500 минг тонна буғдойнинг дон корхоналарида вақтинча сақлаш харажатларини давлат ўз зиммасига олади ва бунга 100 миллиард сўм ажратилади.
Агар фермер ва кластерлар томонидан етиштирган ортиқча ғалласини сотиш истаги бўлса, давлат ва хусусий дон корхоналарига шартнома асосида келишилган нархларда сотади.
Шу билан бирга Қишлоқ хўжалиги жамғармаси харид қилган 1 миллион 783 минг тонна буғдой эҳтиёжга қараб ойма-ой биржага чиқарилади. Бунда июль-август ойларида биржада шаклланган ўртача нархлардан келиб чиқиб, фермерларга ўртадаги ижобий фарқ ҳам тўлаб берилади.
Мисол учун, август ойида 1 тонна ғалланинг биржа нархи 3,5 миллион сўм бўлса, фермерга яна 500 минг сўм тўлаб берилади. Бу мақсадларга жорий йилда давлатдан 6 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилади.