Қарорга кўра, 2022 йилда цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш ишлари кластер усулида амалга оширилади. Белгиланишича, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2022 йилда жами 2606 км узунликда цемент-бетон қопламали ички йўллар қуриш назарда тутилган.
Маълум бўлишича, манзилли рўйхатлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан секторлар раҳбарларининг жойларда жамоатчилик фикри ва талабини инобатга олган ҳолда билдирган таклифлари асосида шакллантирилади ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тасдиқланади.
Қайд этилишича, лойиҳа ташкилотларини жалб этиш, масъул ташкилотлар билан техник шартларни келишиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва уларни давлат экспертизасидан ўтказишни ташкил этиш ишлари буюртмачи ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
Шунингдек, ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳамда шакллантирилган нархлар «Шаффоф қурилиш» электрон платформаси орқали давлат экспертизасидан ўтказилади. Кластер усулида цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш ишларини амалга оширувчи бош пудратчи ташкилот энг яхши таклифларни танлаб олиш орқали аниқланади, дейилади қарорда.
Аввалроқ президент томонидан жорий йилда вилоятларда жами 2300 км, пойтахтда 250 км цемент-бетон қопламали ички йўллар барпо этилиши маълум қилинган эди. Шу жумладан, Андижонда 270 километр, Фарғонада 200, Қашқадарё ва Тошкент вилоятида 190, Навоий, Наманган ва Самарқандда 180, Бухоро, Жиззах ва Сурхондарёда 170, Қорақалпоғистон ва Хоразмда 160, Сирдарёда 150 километр цемент-бетон қопламали ички йўлларни барпо этиш вазифаси қўйилди.
2022 йилда цемент ишлаб чиқариш ҳажми 3,5 млн тоннага кўпаяди. Яъни, жорий йил якуни билан маҳаллий цемент ишлаб чиқариш ҳажми 18 млн тоннага етади. Бу билан ички эҳтиёжлар тўлиқ қопланиши таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, Бош прокуратурага янги қурилаётган цемент-бетон қопламали йўллар сифати устидан қатъий назорат ўрнатиш топширилди.
Ўз навбатида, 1 майдан бошлаб йил якунига қадар импорт қилинаётган цемент-бетон қопламали йўл қуриш техникалари божхона божи ва утилизация йиғимидан озод қилиниши белгиланиб, мазкур ишларга қўшимча 500 млрд сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.