ФНҚИЗ харидори энг йирик нефть ва газ соҳасидаги хусусий корхона “Sanoat Energetika Guruhi” (собиқ “Jizzakh Petroleum”) бўлган. Келишув нархи 100 миллион долларни ташкил этган.
“KPMG Valuation and Consulting” хусусийлаштириш бўйича консультант бўлган. Давлат улушини баҳолаш учун "Катта тўртлик"ка кирган халқаро баҳолаш компанияси жалб қилинган. “Dentons” қўшимча ҳуқуқий кўмак кўрсатган.
Таъкидланишича, нефть ва газ соҳасидаги 30 дан ортиқ турли хил хорижий ва маҳаллий инвесторларга инвестицион тизер (компания хақида қисқача маълумот) юборилди ҳамда уларнинг учтаси иштирокида очиқ танлов жараёни ташкил этилган.
Ҳар бир талабгорга виртуал маълумотлар хонаси (VDR)га жойлаштирилган корхонанинг комплекс таҳлили due diligence (молиявий, солиққа оид, ҳуқуқий ва экологик) натижалари билан танишиш, корхона тўғрисида қўшимча маълумотларни хусусийлаштириш бўйича консультант ва корхона раҳбариятидан жавоблар олиш ҳамда заводга ташриф буюриш имконияти тақдим этилган.
Хусусийлаштириш бўйича консультантнинг қабул қилинган таклифларни ўрганиш натижалари асосида тавсияларини инобатга олган ҳолда, мустақил баҳолаш натижаларидан юқори бўлган нарх параметрлари ҳамда барча белгиланган малака мезонларига жавоб берадиган энг мақбул таклиф танлаб олинди.
Олинган таклифларни ўрганиш натижаларини ҳисобга олган ҳолда “Sanoat Energetika Guruhi” компанияси очиқ савдо жараёни натижалари ғолиби сифатида танланган. Бунда белгиланган малака талабларига мувофиқлиги, ҳудуд нефт ва газ саноатидаги катта тажрибаси, завод фаолияти учун зарур бўлган хом ашё конларининг мавжудлиги, корхонанинг баҳосидан юқори сотиб олиш нархини тақдим этгани инобатга олинган.
Битим доирасида “Sanoat Energetika Guruhi” заводни модернизация қилишга оид 380 миллион доллардан ортиқ инвестиция мажбуриятларини бажаришни ўз зиммасига олади. Корхона заводда замонавий ва экологик тоза бензин, Евро-5 талабларига жавоб берадиган дизел ёқилғиси, Жет А-1 реактив ёқилғиси, суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш, нефт. агрегатларини модернизация қилиш ҳамда ишлаб чиқариш қувватини камида 2 миллион тоннага оширишни таъминлашни ташкил этишни этиши зарур.
Инвестиция мажбуриятларидан ташқари, компания қуйидаги ижтимоий мажбуриятларни ҳам олмоқда:
- 2 йил мобайнида корхонада мавжуд иш ўринларини ва ишчилар сонини сақлаб қолиш (табиий сабаблар билан бўшайдиган иш ўринлари бундан мустасно), амалдаги иш ҳақи фонди миқдорини камайтирмаслик ва жамоа шартномаси шартларини ёмонлаштирмаслик;
- ходимларнинг иш ҳақларини битим имзолаш санасидаги миқдордан камайтирмаслик;
- жамоа шартномасининг асосий шартлари сақланишини таъминлаш;
- бошқа ижтимоий мажбуриятларни максимал даражада сақлаш.