DataLife Engine / "Asal Honey"нинг қотилига ҳукм ўқилди

"Asal Honey"нинг қотилига ҳукм ўқилди

Бугун, 2022 йил 9 август куни, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида судланувчи К. Ш. (1997 йилда Хоразм вилоятида туғилган) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етиб, суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди раиси Т. Обидов раислигида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, К. Ш. Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “и” банди ва 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисми “в”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан тайинланган асосий жазоларни қисман қўшиш йўли билан 16,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жиноят иши бўйича “Ипак Йўли” ОАИТБ Чилонзор филиалида сақланаётган 10 269 000 сўм жабрланувчининг қонуний вакилига қайтарилиши ва судланувчидан қонуний вакил фойдасига 20 849 899 сўм қопланмаган зарар ундирилиши белгиланди.

Қонуний вакилга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Ҳукм устидан апелляция шикояти ва протести ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан 20 сутка ичида, маҳкум ва фуқаровий даъвогар томонидан эса уларга ҳукмнинг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида Тошкент шаҳар судига берилиши мумкин.
9-08-2022, 20:15
Вернуться назад