Ахрор Мансуров вилоят ҳокимининг ўринбосари — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган. Бу хақда вилоят ҳокимлигининг аҳборот хизмати хабар бермоқда.
Маълумотга қараганда бугун Вилоят ҳокимлиги мажлислар залида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдуразаков бошчилигида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтган. Унда ҳозирга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси етакчи инспектори вазифасида ишлаб келган Мансуров Ахрор Ахмадалиевич вилоят ҳокимининг ўринбосари — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган.
Ахрор Мансуров 1988 йилда Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида туғилган. Маълумоти олий, 2013 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2013 йилда Мингбулоқ туман давлат нотариал идораси нотариус ёрдамчисилигидан бошлаган.
2014—2016 йилларда Наманган вилоят адлия бошқармасида турли вазифаларда, 2016-2019 йилларда Наманган вилояти ҳокимлигининг Ахборот-таҳлил гуруҳи бош мутахассиси, гуруҳ раҳбари вазифаларида фаолият юритган.
У 2019 йилдан шу кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси етакчи инспектори вазифасида ишлаб келаётганди.