Тадбиркорлар Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси кўмагида Россия савдо марказларидаги дўконларни ижарага олишлари мумкин. Бу ҳақида “РИА Новости” хабар берди.
Қайд этилишича, ССП ўзбекистонлик тадбиркорларни савдо дўконларига жалб қилишда Россия савдо марказлари кенгашига кўмаклашмоқда.
Аввалроқ кенгаш Россияда ўз фаолиятини тўхтатганини эълон қилган хорижий компанияларни алмаштириш учун мамлакатга хорижий ритейлерларни жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борилаётганини маълум қилган эди.
“Россияда фаолият юритувчи компаниялардан бири Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига йирик савдо марказларида савдо дўконларини ижарага бериш бўйича ҳамкорлик қилиш таклифи билан мурожаат қилди”, дейилади палата хабарида.
Қайд этилишича, ҳозирда бу борада яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Россия савдо марказларидаги фаоллик сўнгги ойларда бир қатор хорижий брендларнинг кетиши туфайли пасайди.
Россия, Беларусь ва Қозоғистон савдо марказлари кенгаши маълумотларига кўра, савдо мажмуасининг жойлашуви ва ижарачиларнинг мавжудлигига қараб, уни қайта тиклаш учун икки йилдан тўрт йилгача вақт кетиши мумкин.