Афсонавий америкалик боксчи 56 ёшли Майк Тайсон Майами (АҚШ) аэропортида ногиронлар аравачасида кўриниш берди. Бунинг ортидан, кўпчиликда унинг соғлиғи борасида саволлар пайдо бўлди. Бу ҳақда “Qalampir” нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, америкалик собиқ боксчининг нега бундай аҳволга тушгани ҳақида ҳеч қандай маълумотлар мавжуд эмас. Аввалроқ, мухлислар Майк Тайсон тўғри юриш учун қўлтиқ таёқда ҳаракатланаётганини пайқашган.
Қайд этиш керакки, Майк Тайсон ҳали-ҳамон бокс оламидаги энг машҳур шахслардан бири ҳисобланади. Супер оғир вазн тоифасида бирор бир янги боксчи порлайдиган бўлса, албатта, у Тайсонга солиштирилади. Сабаби Майк боксни чинакам шоу даражасига кўтарган. Унинг жангларида ким ғолиб бўлиши эмас, балки рақиблар Тайсоннинг “темир зарбаларига” неча дақиқа чидай олиши муҳокама қилинарди.
Албатта, бунчалик шуҳрат ва бойликни кўтариш осон иш бўлмаган. Ҳа, Тайсон ҳам шу қадар осмонларда учиб кетганки, спорт зали ва машғулотларни унутган. Оқибатда уни ўраб турган ҳашамат ва бойлик бирзумда йўқолган. Шундай пайтлар бўлганки, Майкнинг номи наркотиклар билан параллел равишда янграган. Ҳатто интервьюларидан бирида Тайсон мухлислари буни қабул қилолмасалар ҳам марихуана ҳаётининг бир бўлаги эканлигини ва улардан ҳеч қачон воз кечолмаслигини айтган.
Охирги йилларни Тайсон турли-хилдаги шоуларда иштирок этиш билан ўтказмоқда. Ҳа, бу шоулар Майкга олдингидек пул келтирмайди. Аммо шу йўл билан Тайсон “қора қозонини” қайнатиб турибди. Шунингдек, у 2020 йилнинг ноябрида яна бир афсона Рой Жонсга қарши 8 раундлик кўрказмали жангда рингга чиқиб, каттагина пул ишлаб олганди.
Маълумот учун, Майк Тайсон ўз фаолияти давомида 58 та жанг ўтказиб, уларнинг 50 тасида ғалаба қозонган. “Темир Майк” 44 жангда рақибларини муддатидан аввал мағлубиятга учратган.