“Кинематография фидокори” кўкрак нишони таъсис этилди. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, кўкрак нишони билан тақдирланганларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти ва эсдалик совғалари берилади.
Кўкрак нишони билан миллий кинематография соҳасини ривожлантириш, бадиий ва ғоявий жиҳатдан етук фильмлар яратиш, миллий фильмларни маҳаллий ва хорижий кинобозорларда кенг тарғиб қилиш, соҳада замонавий ва жаҳон тажрибасига асосланган ишлаб чиқариш ва бошқарув тизимларини жорий этиш ишларига муносиб ҳисса қўшган фуқаролар тақдирланади. Кўкрак нишони ҳар йили 28 декабрь - Халқаро кино куни арафасида тантанали тарзда топширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” унвони таъсис этилиши ҳақида хабар берган эдик.