Ўзбекистон банклари томонидан 2022 йилнинг январь—сентябрь ойлари давомида 141,3 трлн сўм миқдорида кредитлар ажратилган, дея хабар бермоқда Марказий банк.
Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18 фоиз ортиқ бўлди. Жорий йилнинг январь—сентябрь ойларида банклар томонидан ўртача ойлик ажратилган кредитлар 15,7 трлн сўмни ташкил этган.
Мазкур кредитларнинг 68 фоизи (96,4 трлн сўм) корпоратив ва 32 фоизи (44,9 трлн сўм) чакана кредитлари ҳиссасига тўғри келади.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари фаолияти узлуксизлигини таъминлаш ҳамда айланма маблағлари учун 35,6 трлн сўмлик револвер кредитлар берилган.
Ажратилган кредитларнинг:
28 фоизи — қисқа муддатли;
72 фоизи — узоқ муддатли.
Валюталар қирқимида:
65 фоиз кредитлар — миллий валютада;
35 фоиз — хорижий валютадаги кредитлар ҳиссасига тўғри келган.
Мазкур даврда банклар томонидан 97 трлн сўмлик кредитлар сўндирилган бўлиб, уларнинг қайтувчанлик даражаси 69 фоизни ташкил этган.
Банкларнинг жами кредит портфели 2022 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 363 трлн сўмни ташкил этиб, уларнинг 75 фоизи корпоратив кредитлар, 25 фоизи чакана кредитлар ҳиссасига тўғри келади.
Жами кредит портфели қолдиғи жорий йил бошига нисбатан 11 фоизга ёки 36,5 трлн сўмга, хусусан (йиллик ўсиш 16 фоиз) корпоратив кредитлар 6 фоизга (15,6 трлн сўм) ва чакана кредитлар эса 30 фоизга (21 трлн сўм) ўсган.