DataLife Engine / Наманганда тўёна можароси даҳшатли қотиллик билан якун топди

Наманганда тўёна можароси даҳшатли қотиллик билан якун топди

Тўй қилиб юртга ош бериш азалий қадриятларимиздан. Бироқ кишига хурсандчилик бағишлайдиган бу маросимнинг исрофгарчилик ва ортиқча олди-бердилар ҳаракатига айланиб бораётгани ғоятда таассуфлидир. Ҳою ҳаваснинг кетидан қувиш баъзан дилхираликлар, ҳатто оилаларнинг пароканда бўлишига олиб келаётгани ҳам ҳақиқат. Наманган вилояти Поп туманида содир этилган мудҳиш жиноят эса тўёна қилинган гилам можаросидан келиб чиқди.

Поплик Бахтиёр Қодиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) бундан ўн йил аввал опаси Салима Қодирова ўғлининг тўйига тўёна сифатида каттагина гилам олиб борган эди. Бу йил қишда Бахтиёр ҳам ўғли Жавлонни уйлантирадиган бўлди. Албатта, опа жиянининг тўйига қуруқ келармиди?! Бироқ поччаси Акмал Эсонов кўтариб келган чоғроқ гиламдан тўйбошининг кўнгли тўлмай бироз ғаши келди. Ичига тугиб қўйган экан чоғи, орадан бир ҳафта ўтмай «Сизлар менинг тўйимга кичик гилам олиб келдингиз, мен катта ва қимматидан берган эдим», деб ичиб олганича опасининг уйига жанжал кўтариб борди. У ерда поччаси билан бошлаган жанжали муштлашишгача бориб етади. Буни кўрган Акмал Эсоновнинг ўғли тоғасини дўппослаб уйига жўнатиб юборади. Шу билан икки оила ўртасида келишмовчилик илдиз отади.


Отасини ўз жияни калтаклаганини эшитган Жавлон Йўлдошев укаси ва отасини олиб, қассобчиликда фойдаланиладиган болта билан аммасининг уйига етиб боради. Дарвоза эшигини қўлидаги болта билан бир неча бор уриб, жияни Шавкатни чақиради. Бақир-чақир ва тўполондан хабар топган қўшнилар Жавлонни тинчлантиришга уриниб, унинг қўлидаги болтани олиб қўйишади. Ўзини эса машинага ўтиргизиб, уйига жўнатиб юборишга ҳаракат қиладилар. Жаҳл чиққанда ақл қочадида... Фикру хаёлини ўч олиш қамраган Жавлон машина салонидаги ош пичоқни олиб, Шавкат билан яна жанжаллашни давом эттирди. Охир-оқибатда эса ўз жиянининг кўксига икки марта пичоқ уради. Жабрланувчи Шавкат Эсонов олган тан жароҳати сабабли воқеа жойида вафот этади.


— Суд мазкур жиноятнинг барча тафсилотларини ўрганиб, гувоҳлар фикрини тинглагач ўз қарорини чиқарди, — дейди Наманган вилоят суди судьяси Илёсжон Усмонов. — Унга кўра, Жавлон Йўлдошев Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан айбланиб, умрининг 16 йилини панжара ортида ўтказадиган бўлди.

Аслида арзимаган тўёна сабаб ёш бир йигит жувонмарг бўлди. Яна бир йигит умрининг энг куч-қувватга тўлган йилларини камоқда ўтказади. Опа-ука, қариндош-уруғлар ўртасига тушган «музлик»чи? Йиллар ўтиб эрирмикан? Бу энди вақтнинг ҳукмига ҳавола.
17-11-2022, 21:05
Вернуться назад