Ўзбекистонда электромобиллар учун алоҳида давлат рақами бериш бошланди
Ўзбекистонда электромобиллар учун алоҳида давлат белгили рақам бериш йўлга қўйилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (ЙҲХББ) матбуот хизмати хабар бермоқда.
Таъкидланишича, махсус турдаги рақам 1 ноябргача давлат рўйхатидан ўтган электромобиллар учун бепул алмаштирилиб берилади.
Бундан ташқари, онлайн аукцион савдо платформасида ютиб олинган авторақамлар ҳам электромобиллар учун алоҳида қайтадан ишлаб чиқарилади.
Давстатқўм маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2021- йилнинг январ-сентябр ойларида электромобиллар импорти қарийб 7 бараварга ошган. Тўққизта хорижий давлатдан қиймати 10,5 млн долларига тенг бўлган 558 та электромобил импорт қилинган.