Тошкент шаҳар суди Tracker ҳайдовчисининг ЙПХ ходимини уриб юборгани юзасидан расмий баёнот берди

Тошкент шаҳар суди Tracker ҳайдовчисининг ЙПХ ходимини уриб юборгани юзасидан расмий баёнот берди
Ижтимоий тармоқларда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ инспектори уриб юборилгани ҳақидаги видеоёзув юзасидан маълумот берилди.

2021 йил 23 сентябрь куни Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Амир Темур кўчаси, Марказ-4 мавзеси, 1-уй қаршисида фуқаро К. У. ўз бошқарувида моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартномага асосан топширилган “Tracker Primier” русумли давлат рақами 01 818 NGA автоуловини бошқариб, “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 83-банди талаби, яъни рельссиз транспорт воситаларини фақат чап томондан қувиб ўтишга рухсат берилиши белгиланганлигига қарамасдан, ушбу банд талабларига зид равишда, йўналишини ўнг томонга кескин ўзгартирган. Ундан олдин ҳаракатланаётган автоуловни ўнг томондан қувиб ўтиш мақсадида ҳаракатланиб, фуқаро Ш. У. нинг бошқарувида бўлган “Cobalt” русумли автоуловини ўнг томондан қувиб ўтаётган вақтда тўқнашиб кетади ва шу жойда ўз хизмат вазифасини олиб бораётган Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бўлинмалари Йўл-патрул хизмати бригадаси Йўл-патрул хизмати 3-батальони 6-сафарбарлик гуруҳ ЙПХ инспектори А. А. ни уриб юборган.

Натижада А. А. йўл четида турган ўзининг “Ласетти” русумли автомашинасига урилиб тушиб, олган жароҳатлар билан тез тиббий ёрдам шифокорлари томонидан РШТЁИМга етказиб борилган.

Шунингдек, К. У. томонидан содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида, унинг бошқарувида бўлган “Tracker Primier” русумли автоуловида йўловчи тариқасида ўтирган турмуш ўртоғи ҳам тан жароҳатлар олиб, 1-сонли РКШга олиб борилган.

2022 йил 7 апрель куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида К. У. (1989 йил Тошкент шаҳрида туғилган, Ҳалқ таълими вазирлиги қошидаги “Инновация, технология ва стратегия маркази” ДУК ҳайдовчиси, муқаддам судланмаган) га нисбатан жиноят иши кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунига етиб, суд ҳукми эълон қилинган.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга иш ҳақининг 15 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Шунингдек, Ҳалқ таълими вазирлиги қошидаги “Инновация, технология ва стратегия маркази” ДУК ҳисобидан фуқаровий даъвогар Ш. У. фойдасига 15 469 100 сўм, жабрланувчи А. А. фойдасига жами 4 060 002 сўм етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланган.

2022 йил 25 апрель куни судланувчи томонидан чиқарилган ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят берилиб, айни пайтда ушбу шикоят Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриш учун расмийлаштиримоқда.

Апелляция шикоятини кўриб чиқиш якуни бўйича қўшимча ахборот берилади.
Оставить комментарий


Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив