Ички ишлар органларига яна бир ваколат берилмоқда

Ички ишлар органларига яна бир ваколат берилмоқда
Сўнгги йилларда ҳайдовчиларни тайёрлаш тизимидаги мавжуд камчиликлар, ҳайдовчиларнинг билим савияси етарли эмаслиги йўлларда турли қоидабузарликлар содир этилишига сабаб бўлмоқда. Ачинарлиси, бунинг оқибатида ўлим билан тугаётган йўл-транспорт ҳодисалари сони ортяпти.

Бу эса ушбу аянчли ҳолатларни олдини олиш мақсадида ҳайдовчиларни тайёрлаш тизимини ва субъектларининг фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқишни тақозо этади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бу ҳақда таъкидланди.

Йиғилишда депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди.

Қайд этилганидек, амалдаги тартибга кўра, ҳайдовчилик ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олишга ўқитиш тадбиркорлик субъектларига берилган бўлиб, уларга тегишли лицензиялар Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан берилиши белгиланган.

Аммо йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларига юклатилган бўлиб, натижада бундай тартиб турли номувофиқликларни келтириб чиқармоқда. Яъни лицензия берувчи ва уни ижросини назорат қилувчи органлар бошқа-бошқа органлар бўлмоқда. Бу эса ҳайдовчилар тайёрлаш тизимини яхлит ҳолда назорат қилишга салбий таъсир кўрсатяпти.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида юқоридаги камчиликларни бартараф этиш ҳамда йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида эндиликда ҳайдовчиларни тайёрловчи таълим субъектлари ва имтиҳон марказларига бу турдаги фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензиянинг Ички ишлар вазирлиги томонидан берилиши белгиланмоқда.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳайдовчиларни тайёрловчи таълим субъектларига лицензия бериш ва уларни фаолиятини назорат қилиш ягона давлат органи — ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари ваколатига ўтказиш орқали таълим сифатини оширилишига ҳамда йўлларда ҳаракатланиш хафсизлигини таъминланишига эришилади.

Қизғин бахс-мунозаралардан сўнг, мазкур қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Оставить комментарий


Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив