Ўзбекистонда Skype бўйича чекловлар олиб ташланди

Ўзбекистонда Skype бўйича чекловлар олиб ташланди
Skype Ўзбекистонда эркин очила бошлади. Мессенжер 2021 йил июль ойида Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузувчилар реестрига киритилган эди. Ҳозирда Skype ушбу реестрдан чиқарилди.

Сервисдан тақиқ олиб ташланганлиги ҳақидаги маълумотни «Газета.uz»га Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати тасдиқлади. Вазирлик мессенжернинг қайта ишлаши «Skype билан ўзаро манфаатли музокаралар натижаси» эканлигини қайд этди.

Вазирлик қонунни бузувчилар реестрига киритилган бошқа хизматларга тақиқни босқичма-босқич олиб ташлаш бўйича ишлар олиб борилаётганини қўшимча қилди. Ҳозирда реестрда тўртта ресурс мавжуд — Twitter, TikTok, «ВКонтакте» ва WeChat.

Қонунга кўра, хорижий компаниялар Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларини қайта ишлайдиган серверларни мамлакат ҳудудида жойлаштириши керак. Ўтган йилнинг январь ойида президент томонидан ушбу масала юзасидан қонунга киритилган қўшимчалар имзоланган. Киритилган қўшимчалар 2021 йил апрель ойининг ўрталарида кучга кирди.

2021 йилнинг май ойида «Ўзкомназорат» «ВКонтакте», Twitter ва WeChat эгаларидан қонунга риоя қилишни талаб қилди ва июль ойида уларни қоидабузарлар реестрига киритди. Айни вақтда бир неча йил аввал Ўзбекистонда кириш чекланган Skype ҳам реестрда пайдо бўлган эди.

Таъкидлаш жоизки, ўзбекистонликларнинг маълумотларини қайта ишловчи кўплаб бошқа ресурсларга чекловлар қўлланилмаган.
Оставить комментарий


Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив