Наманганлик меҳнат мигрантлари 2022 йили қанча маблағ юборгани маълум бўлди

Наманганлик меҳнат мигрантлари 2022 йили қанча маблағ юборгани маълум бўлди
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззақов 7-январ куни хорижда ишлаётган меҳнат мигрантлари билан онлайн мулоқот ўтказди.  

Мулоқотда қайд этилишича, бугунги кунда хорижда 85 минг нафарга яқин наманганлик меҳнат қилмоқда. 2022 йил якуни билан вилоятга хориждан қарийб 1 миллиард доллар юборилган бўлиб, пул ўтказмаларининг асосий қисми Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея ва Туркия ҳиссасига тўғри келмоқда.

«Хориж сафарлари давомида мигрантларимиз билан кўришиб, улар ишлаётган корхоналарга боришга, шароитларини ўрганишга ҳаракат қиляпмиз. Хусусан, Москва ва Самарага борганимизда шундай имконият туғилди. Энди онлайн шаклда ҳам ҳар ойда мулоқот қилиб турамиз», — деди вилоят ҳокими.

Тадбир давомида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва, Санкт-Петербург, Самара, Новосибирск, Екатеринбург ва Амурскдаги ваколатхоналари раҳбарлари ҳамда шу ҳудудларда меҳнат қилаётган наманганлик мигрантлар алоқага чиқди. Уларнинг субсидия олиш, вилоятга қайтиб, деҳқончилик қилишлари учун экин майдонлари ажратиш, хонадонларига кўмир ва газ баллонлари етказиш каби мурожаатлари тингланди ҳамда ечим топилди.

Вилоят ҳокими хорижда ишлаётган наманганликларнинг мурожаатлари билан тизимли ишлаш учун онлайн платформа яратиш таклифини берди.

Мулоқотда меҳнат мигрантларининг оила аъзолари ҳам иштирок этди. Уларга газ плитаси, тикув машинаси ва бир марталик ёрдам пуллари топширилди.
Оставить комментарий


Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив