1 сентябрдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

1 сентябрдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

Ошаётган нафақалар, прописка бўйича янги тартиблар, жонли ижродаги концертлар учун чегирмалар, ундирилиши умидсиз солиқларни ҳисобдан чиқариш тартиблари ва бошқалар — 1 сентябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар.

«Norinliklar.Uz» 2022 йил 1 сентябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этади. Дайжест Aдлия вазирлиги маълумотлари асосида тайёрланди. Қуйида уларни тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. Фуқароларга ички саёҳатлар харажатларининг бир қисми қайтарилади

Президентнинг 2022 йил 30 апрелдаги [ПҚ-232-сон] қарорига асосан маҳаллий туристлар учун «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида республика бўйлаб ички саёҳатларни амалга ошириш харажатларининг бир қисмини қайтариш («Cashback») тартиби жорий этилади.
Саёҳат харажатларини қайтариш махсус электрон платформа, шу жумладан унинг мобиль иловаси орқали амалга оширилади.
Платформа Давлат солиқ қўмитасининг махсус мобиль иловаси (SoliqUz) билан интеграция қилинган ҳолда, харажатлар ҳаққонийлиги мобиль илова ёрдамида текширилиб, харид чеки матрицали штрих кодини (QR-код) ҳамда маҳаллий туристларнинг доимий яшаш жойларини кўрсатиш орқали саёҳатлар рўйхатдан ўтказилади.
Саёҳат харажатларини қайтариш саёҳат қилиш давомида бир вақтнинг ўзида қуйидагилар назарда тутилганда амалга оширилади:
  • авиа, темир йўл ва (ёки) автомобиль транспортидан фойдаланиш;
  • жойлаштириш воситалари хизматларидан фойдаланиш;
  • маданият ташкилотларига ташриф буюриш.
Саёҳат харажатларини қайтариш ҳар бир туристга қуйидаги миқдорларда амалга оширилади:
  • авиақатнов орқали бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 150 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
  • темир йўлда ёки автобусда бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
  • жойлаштириш воситасида тунаб қолиш харажатининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
  • театр, музей, цирк ва бадиий галереяларга ҳар бир ташриф чиптаси нархининг 50 фоизи, лекин 20 минг сўмдан ошмаган миқдорда.
Саёҳат харажатлари фақатгина платформа орқали амалга оширилган ички саёҳатлар учун унинг якуни билан маҳаллий туристлар банк карталарига қайтарилади.

2. Такси ҳайдовчилари ўзини ўзи банд қилганлар рўйхатига киритилади

Президентнинг 7 июлдаги [ПҚ-311-сон] қарорига кўра, фуқаролар ва йўловчи ташиш лицензиясига эга юридик шахслар ўртасидаги транспорт ижараси шартномаларини нотариал тасдиқлаш талаб қилинмайди.
Бунда мазкур шартномалар солиқ органларида электрон ҳисобга олинади.
2022 йил 1 сентябрдан 2024 йил охирига қадар:
  • 4 тадан кўп бўлмаган ўриндиқларга эга транспортларда йўловчи ташиш ўзини ўзи банд қилиш деб қаралади ва ушбу фаолият лицензия варақаси асосида амалга оширилади;
  • лицензия варақаси беришда автомобилнинг эксплуатация даврига қўйилган талаб бекор қилинади.

3. Айрим нодавлат ташкилотлар «Электрон ҳукумат» маълумотларидан фойдаланишига рухсат берилади

Президентнинг 20 апрелдаги [ПФ-113-сон] фармонига мувофиқ, қуйидаги нодавлат ташкилотларга «Электрон ҳукумат» тизими орқали олиниши мумкин бўлган маълумотлардан фойдаланиш имконияти яратилади:
  • тижорат банклари;
  • телекоммуникация ташкилотлари;
  • хусусий тиббиёт муассасалари;
  • нодавлат таълим ташкилотлари;
  • суғурта ташкилотлари.

4. Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тўланади

Президентнинг 25 июлдаги [ПФ-175-сон] фармони билан ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан давлат ижтимоий суғуртаси бўйича минимал истеъмол харажатларидан келиб чиқиб ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тўланади.
Бунда, ходимнинг иш стажида 1 ойгача бўлган танаффуслар мавжуд бўлса ушбу танаффуслардан олдинги ва кейинги ойлар кетма-кет иш стажини ҳисоблашда қўлланилади.
Келгусида давлат ижтимоий суғуртаси бўйича бериладиган нафақалар «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали босқичма-босқич тўланади.

5. Ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган автомобиллар техник кўрикдан ихтиёрий ўтказилади

Президентнинг 28 июлдаги [ПҚ-298-сон] қарорига кўра, жисмоний шахсларга тегишли ишлаб чиқарилганига 10 йилгача бўлган енгил автомототранспортлар техник кўрикдан ихтиёрий равишда ўтказилади.
Енгил автомототранспортлар қуйидаги муддатларда мажбурий техник кўрикдан ўтказилади:
  • ишлаб чиқарилганига 11 йилдан 14 йилгача бўлган енгил автомототранспортлар — 2 йилда бир марта;
  • ишлаб чиқарилганига 15 йил ва ундан ортиқ бўлган енгил автомототранспортлар — 1 йилда бир марта.
Бунда мазкур муддатлар тижорат асосида йўловчилар ташиш фаолиятида фойдаланиладиган енгил автомототранспортлар учун татбиқ этилмайди.

6. Ҳайдовчиларнинг мажбурий малакасини ошириш бекор қилинди

Президентнинг 7 июлдаги [ПҚ-311-сон] қарорига асосан юридик шахслар ҳайдовчиларининг 2 йилда 1 марта мажбурий малакасини ошириш талаби бекор қилинди.

7. Оилавий боғчаларга ҳам 3 ёшга тўлмаган болаларни қабул қилишга рухсат берилади

Президентнинг 14 июлдаги [ПҚ-322-сон] қарорига мувофиқ, оилавий нодавлат боғчаларда:
  • қатнаётган ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандлари ва махсус контингентлар сони тарбияланувчилар сонининг 70 фоизидан кам бўлганда, етмаган қисмига бошқа оилаларнинг болаларини қабул қилишга рухсат этилади;
  • тарбиячи ва тарбиячи-ёрдамчи лавозимлари учун 4,5 тагача штат бирлигини ажратишга рухсат этилади;
  • тарбиячи ва тарбиячи-ёрдамчиларга бюджетдан иш ҳақини қоплаш учун субсидия тўғридан-тўғри ушбу ходимларнинг пластик картасига ўтказиб берилади.
Давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритаётган боғчаларда, оилавий боғчаларда:
  • бюджетдан тўланадиган субсидия ва компенсацияларни ҳисоблашда 3 ёш ва ундан катта ёшдаги, лекин 7 йил 8 ойдан катта бўлмаган ёшдаги тарбияланувчилар ҳисобга олинади;
  • ота-оналар тўлови миқдорини мустақил равишда белгилаб 3 ёшга тўлмаган болаларни ҳам қабул қилишга рухсат этилади.

8. Автомобилни бошқариш учун ишончнома ягона портал орқали расмийлаштирилади

Президентнинг 7 июлдаги [ПҚ-311-сон] қарори билан автотранспортни бошқариш учун ишончномаларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали электрон расмийлаштириш йўлга қўйилади.
Электрон ишончномани нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди ва у ЙПХ ходимлари томонидан электрон текширилади.
Электрон ишончнома учун давлат божи ишончномани нотариал тасдиқлаш учун белгиланган давлат божига (БҲМнинг 3 баравари — 900 минг сўмга) нисбатан қуйидаги фоизларда ундирилади:
  • бир ойгача бўлган муддатга — 10 фоиз (90 минг сўм);
  • олти ойгача бўлган муддатга — 50 фоиз (450 минг сўм);
  • уч йилгача бўлган муддатга — 100 фоиз (900 минг сўм).

9. Спорт мактабларининг айрим ходимларига устамалар тўлаб берилади

Президентнинг 6 июндаги [ПҚ-268-сон] қарорига асосан спорт мактаблари ходимларининг базавий тариф ставкасига ўқувчи-спортчилар эришган юқори спорт натижаларидан келиб чиқиб ҳар ойда устамалар тўлаб берилади.
Спортни ривожлантириш вазирлиги тасарруфидаги спорт мактаблари тренерларининг базавий тариф ставкалари 1 сентябрдан ўртача 1,35 бараварга оширилади.

10. Рақобатга қарши ҳаракатлар учун молиявий санкциялар жорий этилади

Президентнинг 8 апрелдаги [ПФ-101-сон] фармонига кўра, рақобатга қарши ҳаракатларни содир этган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан молиявий жарималар қўлланилади. Шунингдек, қуйидагилар учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилади:
  • товар ва молия бозорида рақобатни чеклашга олиб келувчи келишувлар (келишиб олинган ҳаракатлар) ва иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш;
  • товар ва молия бозоридаги устун (монопол) мавқени ҳамда юқори музокара устунлигини суиистеъмол қилганлик, ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга маҳсулотлар нархларини асоссиз оширганлик ва инсофсиз рақобат;
  • хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юборишда, қўшиб олишда ва устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) сотиб олиш бўйича битимлар тузишда рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик;
  • оммавий савдоларда рақобатга зид ҳаракатлар амалга оширганлик ва монополияга қарши талабларни бузганлик.

11. Тадбиркорларнинг мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш кучайтирилади

Президентнинг 24 августдаги [ПФ-198-сон] фармонига мувофиқ, ер участкаларига бўлган ҳуқуқлардан фойдаланиш, турар жойга бўлган мулкий ҳуқуқларни амалга ошириш, мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган бино ва иншоотлар, транспорт воситаларидан фойдаланиш, корпоратив муносабатлар соҳасида қатор талаб ва чекловлар бекор қилинади.

12. Шифокорларга якка тартибда шифокорлик фаолиятини юритишга рухсат берилади

Президентнинг 25 апрелдаги [ПҚ-215-сон] фармони билан 1 сентябрдан бошлаб шифокорларнинг якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритишга рухсат берилади. Бунда:
  • якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритиш учун алоҳида тиббиёт муассасаси очиш талаб этилмайди ва ушбу тоифадаги шифокорларга ўз уйида ёки ижарага олинган бинода тиббий хизматлар кўрсатишга рухсат берилади;
  • якка тартибдаги оилавий шифокорларга ўзига бириктирилган аҳолига бепул кўрсатилаётган хизматлар учун тўлов Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали берилади;
  • якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритиш тажрибаси дастлаб 2022 йил якунига қадар Сирдарё вилоятида, кейинчалик эса босқичма-босқич бошқа ҳудудларда жорий этилади.

13. Кўп квартирали уйларнинг зилзилабардошлиги текширилади

Президентнинг 30 майдаги [ПФ-144-сон] фармонига асосан 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб республиканинг сейсмик фаол зоналарида янги қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили IV тоифага мансуб бўлган объектларга зилзилабардошлик бўйича хулосалар бериш тартиби жорий этилади.
Бунда, Қурилиш вазирлиги экспертизадан ўтказилган хавфлилик омили IV тоифага мансуб объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини илмий хулосалар олишга йўналтиришга, Фанлар академияси объектларга зилзилабардошлик бўйича илмий хулосалар беришга масъул этиб белгиланди.
Бундан ташқари, ушбу санадан бошлаб Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида «Бино ва иншоотларни замонавий компьютер дастурлари ёрдамида моделлаштириш» фани бўйича олий таълим ташкилотлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун интенсив курслар ташкил этилади.

14. Жазони ўтаб бўлган фуқароларнинг тадбиркорлиги моддий қўллаб-қувватланади

Президентнинг 29 июндаги [ПҚ-299-сон] қарорига кўра, идоралараро комиссиялар озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг тадбиркорлик, меъморчилик, ҳунармандчилик каби йўналишлардаги аниқ лойиҳаларини ўрганиб чиқиш ва молиялаштириш бўйича асослантирилган хулосаларни тайёрлашга масъул ҳисобланади.
Жазосини ўтаб бўлганларга «дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети» маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан биринчи навбатда туман (шаҳар) бюджетлари маблағлари ҳисобидан, етишмаган қисми бўйича эса — Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 баравари (9 млн 200 минг сўм) миқдорида берилади.
«Дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети»ни бериш тартиб-таомиллари Молия вазирлигининг «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали очиқ ва шаффоф тарзда амалга оширилади.

15. Халқ таълими тизими ходимларига устамалар белгиланди

Президентнинг 11 майдаги [ПФ-134-сон] фармонига мувофиқ, Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида:
Умумтаълим фанлари бўйича тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама қуйидаги тартибда тўланади:
  • халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган ёки халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга — уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50% миқдорида.
  • Давлат тест марказининг миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга — уларнинг тариф ставкасига нисбатан 20% миқдорида;
Давлат тест марказининг миллий баҳолаш тизимида чет тили бўйича олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама:
  • 2025 йил 1 январга қадар — уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50% миқдорида;
  • 2025 йил 1 январдан бошлаб — уларнинг тариф ставкасига нисбатан 20% миқдорида тўланади.
Оставить комментарий


Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив