Энди йўловчи ҳам хавфсизлик камарини тақишга мажбур

Энди йўловчи ҳам хавфсизлик камарини тақишга мажбур
Ўзбекистон ҳукуматининг 12 апрелдаги қарори билан янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари тасдиқлангани ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, транспортнинг олд ўриндиғидаги йўловчилар ҳам хавфсизлик камарини тақиб олишлари шарт бўлади.

Адлия вазирлиги томонидан тақдим этилган янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари 9-бандида белгиланишича, конструкциясида хавфсизлик камарлари назарда тутилган транспорт воситасини бошқараётган ҳайдовчи ва унинг олд ўриндиғидаги йўловчилар ҳаракатни бошлашдан олдин хавфсизлик камарларини тақиб олишлари шарт.

2015 йилда қабул қилинган амалдаги Йўл ҳаракати қоидаларида эса ҳаракатланиш вақтида ҳайдовчи хавфсизлик камарини таққан бўлиши кераклиги белгиланган.

Қуйидаги шахсларга хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат берилади:
  • автомобилнинг орқа ўриндиғидаги 12 ёшгача бўлган болалар;
  • ўқув-машқ транспорт воситасини ўқувчи бошқараётган вақтда автомототранспорт воситасини ёки шаҳар электр транспортини бошқаришни ўргатувчи амалий машғулотлар инструктори;
  • ҳомиладор аёллар, саломатлиги хавфсизлик камари тақиш имконини бермайдиган беморлар (Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган касалликлар рўйхатига мувофиқ ва ушбу касалликлар билан касалланганлиги бўйича тиббий маълумотнома мавжуд бўлганда);
  • хизмат вазифасини бажараётган ходимга бириктирилган кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчаси билан жиҳозланган ҳамда махсус рангли бўёқ схемалар ва ёзувлар билан белгиланган транспорт воситалари ҳайдовчиси ва йўловчилари.
Ҳукумат қарорида, шунингдек, ИИВга транспортнинг орқа ўриндиғидаги йўловчилар ҳам хавфсизлик камарини тақиб олишлари инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун муҳим эканлигини кенг тарғиб қилиш бўйича манзилли чора-тадбирлар амалга ошириш вазифаси юклатилган.

Янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари 2022 йил 1 майдан амалга киритилади.
Оставить комментарий


Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив